UMS мобиль операторига директор тайинланди

Ўзбекистонда Universal Mobile Systems мобиль оператори директори этиб Дмитрий Нагорний тайинланди. У бундан аввал «МТС» компаниясининг Россиянинг Олтой ўлкасидаги филиалига раҳбарлик қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон интернет нашрлари хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Дмитрий Нагорний “МТС”нинг Олтой филиалида 2013 йил 5 августидан бери ишлаб келган, орадан бир йил ўтиб, лавозимдан озод этилган.

Бунгача тўққиз йил давомида “МТС”нинг Сибирдаги филиалида ҳуқуқшунослик бўлими директори бўлган.

Россиянинг “МТС” мобиль алоқа оператори Ўзбекистонда мамлакат ҳукумати билан тузилган Universal Mobile Systems қўшма корхонаси доирасида жорий йил 1 декабрдан ишга туширади.

Ёзда “МТС” компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан муроса битими имзолаган эди. Янги қўшма корхона акцияларининг 50,01 фоизи “МТС”га, 49,99 фоизи эса Ўзбекистон ҳукуматига тегишли бўлиши ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси UMSга 2,5 миллион абонент рақами ажратган. Улардан 1,5 миллиони Тошкент аҳолиси учун берилган бўлиб, қолган рақамлар Ўзбекистон вилоятлари бўйича тақсимланган.