ТИВ Жанубий Кореядан Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўпроқ эътибор қаратишни сўради

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси бошлиғи Алишер Соҳибов ва Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бўлими бош директори Ли Мён Рул ҳар иккала мамлакат фуқароларини янада яхшироқ муҳофаза қилиш мақсадида криминал соҳада янада мустаҳкам ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Бу ҳақда Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Томонлар ҳар икки мамлакат фуқаролари билан боғлиқ криминал ҳолатлар ҳақида бир-бирларини хабардор қилишга келишиб олишди, бунда мамлакат фуқароларини янада яхшироқ ҳимоя қилиш ва эҳтимолий зиёнлар олдини олиш кўзда тутилган.

Учрашув давомида Жанубий Корея томони Ўзбекистон ҳукуматидан Ўзбекистонга расмий, бизнес ва туризм мақсадида келаётган жанубий кореяликлар учун виза режимини соддалаштиришни сўради. Ўзбекистон ташқи ишлар маҳкамаси вакиллари ушбу масалани бошқа давлат органлари билан маслаҳатлашиб кўришини маълум қилган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси бошлиғи Алишер Соҳибов Жанубий Кореяда меҳнат қилаётган ва кореяликларга турмушга чиққан Ўзбекистон фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўпроқ эътибор қаратишни сўраган. Корея ҳукумати бу борада фаол иш олиб бораётгани қайд этилган.

Томонлар 2015 йилда ушбу форматда мулоқотларни давом эттиришларини маълум қилишган.