АҚШда Ўзбекистон парламенти сайлови учун иккита сайлов участкаси ташкил қилинади

Шу йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Ҳозирги кунда сайлов участкаларини ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, сайловлар учун Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномаси билан тузилади.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида ташкил этилган тадбирда қайд этилишича, Вашингтон ва Нью-Йорк шаҳарларида сайлов участкалари ташкил қилинади. Сўнгги маълумотларга кўра, улар Вашингтондаги элчихона ва Нью-Йоркдаги бош консулхона ҳудудида ташкил қилинади. Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, ушбу сайлов участкалари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги яқинидаги сайлов округлари таркибига киради.

Тадбирда мазкур сайлов участкалари фаолияти ҳақида, умуман, чет элда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг сайлов ҳуқуқларини рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.