Швеция Фаластин давлатини расман тан олди

Швеция ҳукумати Фаластин Давлатини тан олди. Бу борада тегишли қарор ҳукумат йиғилишида қабул қилинди. Шундай қилиб Швеция Фаластин давлатини тан олган илк Ғарбий Европа мамлакатига айланди.

Швеция Ташқи ишлар вазири Маргот Вальстремга кўра, Фаластин мухторияти ўз ҳудудини тўлиқ назорат қилмаса-да ҳамда тан олинган чегарага эга бўлмаса-да, давлатчиликнинг халқаро тамойилларига мос келади. Вазирнинг айтишича, Швеция 1992 йилад Хорватияни, 2008 йилда Косовони шу асослар билан тан олган.

Қолаверса, 2009 йилда Европа Иттифоқи аъзолари қачон мақбул бўлса, ўшанда Фаластин давлатини тан олиши мумкинлигини қайд этган эди. “Биз биринчи бўлишга қарор қилдик ва умид қиламизки, бошқа мамлакатлар биздан ўрнак олади”, деди вазир.

Исроил ташқи ишлар вазири Авигдор Либерман Швециянинг мазкур қарорини кескин танқид қилиб, ушбу мамлакатдаги ўз элчисини чақириб олди. “Швед ҳукумати томонидан Фаластин давлатининг тан олиниши муваффақиятсиз қарор бўлиб, экстремистик доираларни қўллаб-қувватлашга қаратилгандир”, — деди у.

Ташқи ишлар вазири сўзларига кўра, Швеция ҳеч қандай фойда келтирмайдиган декларатив қадам ташлади. “Швеция ҳукумати шуни тушуниши керакки, Яқин Шарқ муносабатлари IKEA мебелини мустақил йиғишдан кўра мураккаброқ фандир”, — деди у.