Голливудда Амир Темур ҳақида фильм суратга олинади

Голливудда Амир Темур ҳақида жангари фильм ишлаш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақида “Подробно” ахборот агентлиги Россия оммавий ахборот воситаларига таяниб хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, фильм россиялик ва америкалик инвесторлар томонидан молиялаштирилади.

Ушбу фильм ҳақида россиялик тадбиркор Андрей Поклонский маълум қилган. “Биз ҳозирда Амир Темур каби тарихий шахс ҳақида кенг миқёсли фильмни тайёрлаяпмиз. Голливуд ижодкорлари сценарийси асосида суратга олиниши кутилаётган мазкур фильм одамларни ўзига жалб қиладиган сюжетга бой бўлади, кучли характер эгаларини кўрсатиб беради, жиддий драматизмни тасвирлайди”, — деди у.

Хабарда айтилишича, Амир Темур ролига ҳозирча Ҳью Жекман номзоди кўриб чиқилмоқда. Фильмни америкалик режиссёр суратга олади. Ҳозирда ушбу номзод қидирилмоқда.

Фильмни суратга олишга голливудлик продьюсер Ральф Уинтер (“Икс одамлар”, “Маймун одамлар”, “Фантастик тўртлик”) қизиқиш билдирган.

Хабарда қайд этилишича, фильмда Амир Темурнинг туғилиши ва етук саркарда бўлиб камол топиши ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмнинг асосий воқеалари Темурнинг рус ерига бостириб бориши ҳақида бўлади.

Айрим манбаларга кўра, фильмда Амир Темурнинг Русь заминини вайрон қилмаслиги сабаблари ҳақида сўз боради. Фильм қачон суратга олиниши ва унга қанча маблағ сарфланиши хусусида ҳеч қандай ахборот йўқ.