Ўзбекистонга 2014 йилнинг биринчи ярмида 1 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди

Ўзбекистонга 2013 йилда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан сайёҳлар ташриф буюрди ва уларнинг йиллик сони 2 миллиондан ошди. Ўтган икки йил мобайнида бу кўрсаткич 43 фоизга ўсди, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 1 миллиондан ортиқ чет эллик сайёҳ мамлакатга ташриф буюрди.

2013 йилда сайёҳлик хизматлари экспорти ҳажми 615 миллион доллардан зиёдни ташкил этди. Бугунги кунда туризм соҳасида 200 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда, бу тармоқнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2 фоиздан ошди.

Ўзбекистонда 550 та сайёҳлик компанияси – туроператорлари фаолият юритмоқда, мамлакатимиздаги тарихий объектлар, архитектура ва шаҳарсозлик обидаларининг аксариятини қамраб олган 110 та халқаро сайёҳлик йўналиши бўйича хизмат кўрсатилмоқда. Бу йўналишларнинг 65 таси тарихий-маданий мерос объектлари, 30 таси табиий-рекреацион, 15 таси соғломлаштириш туризми элементларини ўз ичига олган экологик йўналишлардир.

Ҳозирги пайтда мамлакатда 50 мингдан зиёд ўринга эга бўлган 500 дан ортиқ меҳмонхона, мотель ва кемпинглар сайёҳларга халқаро стандартлар бўйича хизмат кўрсатмоқда.