“Ўзбекистон ҳаво йўллари” чипталарини “Visa” халқаро карталари орқали интернетда харид қилиш мумкин

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси яқин кунлар ичида авиачипталарни “Visa” халқаро карточкалари орқали онлайн режимида сотишни йўлга қўяди. Бу ҳақда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Мазкур электрон тижорат лойиҳасини ишга тушириш учун тайёргарлик ишларини миллий авиакомпания Ўзбекистон ташқи иқтисодиёт фаолият миллий банки билан биргаликда олиб бормоқда. Унга кўра, ушбу лойиҳа дунёнинг барча мамлакатларидаги “Visa” халқаро карточкалари эгаларига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси чипталарини интернет орқали харид қилиш имконини беради.

Банк томонидан “Visa” халқаро тўлов тизими лицензияси олингани маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулот ва хизматларини “Visa” халқаро карточкаси орқали реализация қилишга шароит яратади.