Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқаришнинг компьютерлашган тизими жорий қилинмоқда

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқаришнинг компьютерлашган тизими жорий қилинмоқда. Унга кўра, мазкур тизим видеокузатув камералари, диспетчер маркази ва патрул машиналари каби учта бўғиндан иборат.

RedPen сайтининг ёзишича, камералар аввал Тошкентда, сўнг Самарқандда, ундан кейин эса бутун республика бўйлаб ўрнатилади. Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигининг компьютерлашган тизими Швейцариянинг АGТ International корпорацияси техникалари асосида йўлга қўйилади. Хабарда айтилишича, лойиҳанинг қиймати 30 миллион долларга тенг бўлиб, 2015 йилнинг охирига қадар якунланиши кутилмоқда.

Пойтахтда жорий қилинаётган йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқариш тизимининг диспетчерлик маркази Тошкентдаги Глинка кўчасидаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги шаҳар бошқармасининг собиқ биносида жойлашади.

Диспетчерлик марказида камералар ва патруль хизматини боғлаб турувчи, махсус ўқитилган мутахассислар фаолият кўрсатади. Компьютерлардаги маълумотлар узоқ вақт давомида сақланади

Сайтда қайд этилишича, Тошкентдаги 120 та чорраҳага камера ўрнатиш ва бунинг учун 1200 та камера сотиб олиш кўзда тутилган. Аммо яқинда камера билан жиҳозланадиган чорраҳалар сони 160 тагача кўпайтирилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқаган турли хабарларга кўра, сўнгги пайтларда пойтахт чорраҳаларида тегишли ишлар олиб борилмоқда. Камералар ва диспетчерлик маркази ўртасида алоқа ўрнатиш учун “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси томонидан алоқа линиялари тортилмоқда.

Хабарда айтилишича, пойтахтдаги видеокузатув камералари автомобиль тезлигини аниқлаш (авторадар), автомобилнинг давлат рўйхат рақамини таниб олиш ҳамда светофорнинг қизил чироғи ёнган пайтда автомобилнинг тўхтамай ўтиб кетишини аниқлашдан иборат учта асосий вазифани бажаради.

Чорраҳаларда, шунингдек, Trigger System тизими ўрнатилади. Мазкур тизим махсус лазер қурилмаси бўлиб, светофорнинг қизил чироғи ёниб турганда автомобиль тўхташ чизиғини кесиб ўтса, камерага бу ҳақида хабар юборади. Камера эса автомобилни суратга олади, сўнгра ҳайдовчига қоидабузарлик учун жарима солинади.