Ўзбекистонда собиқ цирк артисти итини ўғирликка ўргатди

Ўзбекистонда 50 яшар Антон Трушкин бозордан сотиб олган итини ўғирлик қилишга, яъни одамларнинг ҳамёнини ўмаришга ўргатиб, бир қатор ҳуқуқбузарликларни содир этган. Бу ҳақда “Подробно” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, собиқ цирк артисти Совет Иттифоқи пайтида узоқ йиллар циркда ит ўргатувчи сифатида анча таниқли бўлган. Аммо иш интизомини бузгандан сўнг, яъни ҳамкасбларидан бири билан тортишиб қолгач, ишдан ҳайдалади. Кейинчалик у қиморбозлик йўлига ўтади. Ўйинларда ютқазиб қўяр, турли ўғирликларга қўл урар эди. Бу қилмишлари эвазига қамоққа тушади. Озодликка чиққач, яна эски қилиғини бошлайди. Бу гал ўзига хос йўл танлайди — эски “ҳунари”ни ишга солади.

Бозордан кучук боласини (бульдог) харид қилиб, уни битта ҳаракатни бажаришга, яъни ҳамённи ўмаришга ўргата бошлайди. Аввалига ишлари жуда яхши кетаётган эди. Ўргатилган ит турли уйларга кирар, у ердан пул бўлган ҳамёнларни топиб, хўжайинига олиб келиб берар эди.

Аммо вақт ўтиши билан ит ҳам улғайиб, бошқа қилиқлар чиқара бошлади. Энди у ҳамённи эмас, балки озиқ-овқат солинган тўрваларни ўмара бошлайди. Буни, айниқса, кўча-кўйдаги йўловчиларга нисбатан амалга оширар эди.

Ит шу даражада ўргатилган эдики, у асосан аёлларни ўз ўлжасига айлантирар эди. У аёлларнинг ортидан узоқ муддат кузатиб юрар, улар ёлғиз қолгач, сумкани олиб қочар эди. Ит ҳатто ички ишлар ходимларини ҳам кийимидан фарқлай олар эди. Натижада хўжайиннинг музлаткичи озиқ-овқатларга тўла бошлайди.

Айни пайтда ички ишлар идораларига ушбу ит ҳақида турли шикоятлар кела бошлайди. Гувоҳлар итнинг кўринишини аниқ тасвирлаб беришди. Антон Трушкин милиция ҳисобида тургани учун ички ишлар ходимлари дарҳол ит унга тегишли эканлигини аниқлашади. Шундай қилиб, ит ва унинг хўжайини қўлга олинди.

Хабарда айтилишича, хўжайин бир неча йилга озодликдан маҳрум этилди, бульдог эса кафега “ишга қабул қилинади”.

Шуни қайд этиш керакки, хабарда мазкур воқеа Тошкентда юз бергани айтилган бўлса-да, бошқа маълумотлар келтирилмаган.