Пайғамбаримиз сочлари ва косалари Ўзбекистондан Чеченистонга олиб келинди

Мусулмонларнинг табаррук буюмлари — Муҳаммад пайғамбаримиз (с.а.в)нинг иккита косаси ва сочи Ўзбекистондан Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрига олиб келинган. “РИА Новости”нинг ёзишича, пайғамбаримизнинг сочи Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга совға сифатида ушбу мамлакатда бутунлай қолади.

“Ушбу муқаддас буюмлар уларнинг ҳозирги сақловчиси Абдулхафиз Хон Тўра томонидан Қодиров ва унинг оиласига ҳурмати боис юборилган. Сочнинг бир донаси Ўзбекистонда қолади, биттаси ўзбек халқи билан дўстлик рамзи сифатида Чеченистонда сақланади”, деб маълум қилди Рамзан Қодиров матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, мазкур табаррук буюмлар XIX аср бошларида Турк султони томонидан Қўқон хонига совға қилинган бўлиб, Қўқон хони ушбу буюмларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш учун бино қуриб, уни сақлашни Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)авлодларидан бўлган кишиларга васият қилиб қолдиради.

Шуни қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда Чеченистонда динни ривожлантиришга қаратилган жуда кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)га тегишли буюмларни сақлаш бўйича дунёдаги илк музей очилди.