Чет элдаги ўзбекистонликлар кимга овоз беради?

Маълумки, Марказий сайлов комиссияси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш ҳақидаги тақдимномаси асосида депутатлар сайловини ўтказувчи 44 та сайлов участкасини тузиш ва уларни Тошкент шаҳридаги 126-Темирйўлчилар сайлов округига бириктириш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Марказий сайлов комиссияси яқинда мамлакатда ташкил этилган 135 та округ бўйича сиёсий партиялар номзодларини рўйхатга олди. Унга кўра, Темирйўлчилар округига “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси

Депутати Азамат Зиё, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Сирғали енгил саноат касб-ҳунар коллежи директори Азиза Қосимова, Ўзбекистон Халқ  демократик партиясидан Миробод тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Мадаминова ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судининг судьяси Рустам Тангабоев номзоди илгари сурилган. Шундай қилиб, чет элдаги барча ҳамюртларимиз ушбу номзодлардан бирига овоз беради.

Улар ҳақида тўлиқроқ маълумотлар, сайловолди дастури элчихона ва консулхоналарда осиб қўйилади.