Чўлпон ҳақида роман ёзилди

Андижонлик ёзувчи Наби Жалолиддин буюк ўзбек шоири ва ёзувчиси Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ҳақидаги «Тегирмон» номли тарихий романни ёзиб тугатди. Бу ҳақда ёзувчининг сайти хабар тарқатди.

“Устоз Пиримқул Қодиров ҳаётининг сўнгги йилларида Андижоннинг эрксевар ижодкори ҳақида тарихий роман ёзишни ният қилиб юрган эди. Лекин бунга улгурмади, Худо раҳматига олсин. Ўша кунлари Наби Жалолиддин устозни йўқлаб, уйига боради. Гап орасида устоз “Хайём” романини ўқиганини айтгач, асосий мақсадга кўчади: “Набижон, мен Чўлпон ҳақида ёзмоқчи эдим. Лекин энди улгурмасам керак. Шуни сиз ёзинг. Чунки андижонликсиз, руҳингиз, тилингиз яқин”, дея иқтибос келтиради ёзувчи.

Хабарда айтилишича, бу роман мустақиллик учун курашган, ҳақгўй, жасур, ғанимнинг кўзига тик боқишдан қўрқмаган жасоратли ва ватанпарвар, шунингдек, ҳаёти бир умр изтиробда, сарсон-саргардонликда, хўрликда ўтган Чўлпон ҳақидадир.

Бундан ташқари, асарда Ўзбекистон тарихи ва адабиётида катта из қолдирган ўнлаб шахслар, ўтган асрнинг 20-30-йилларидаги фожеали воқеалар ҳам ўрин олган.Икки китоб, 5 қисмдан иборат бу роман 2015 йилда ўқувчилар эътиборига ҳавола этилади.