АҚШ ва Ўзбекистон компаниялари 4 миллиард долларлик инвестиция-савдо лойиҳаларини ишлаб чиқишмоқда

АҚШ ва Ўзбекистон компаниялари лойиҳа қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган қўшма инвестиция ва савдо лойиҳаларини ишлаб чиқишмоқда. Бу ҳақда Америка — Ўзбекистон савдо палатаси ҳамраиси Кэролин Лэм маълум қилди.

“Ўзбекистонда Американинг бир қанча йирик компаниялари ўз тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётгани иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун яхши салоҳият борлигини кўрсатади”, деди у қўшма палатанинг Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишида.

“РИА Новости”нинг ёзишича, йиғилишда General Motors, Boeing, Honeywell, General Electric, Lockheed Martin, Cameco сингари 30 дан ортиқ компаниялари раҳбарлари ҳамда АҚШ ҳукумати вакиллари иштирок этди.

Мазкур форумда икки мамлакат бизнес доира вакиллари ҳамда компаниялари машинасозлик, фармацевтика, нефть ва газ, нефть-кимё ва кимё саноати, электрон ва электротехник маҳсулотлар ишлаб чиқариш, озиқ-овқат соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқишди.

Америка — Ўзбекистон савдо палатаси нодавлат ташкилот бўлиб, 1993 йилда америкалик бизнесменлар томонидан ташкил қилинган.

2013 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида товар айланмаси 8 фоизга ўсиб, 387 миллион долларни ташкил қилди. Бу Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасининг 1,3 фоизи деганидир. Бугун Ўзбекистонда АҚШ компаниялари иштирокида 174 корхона фаолият юритмоқда, улардан 49 таси тўлиқ Америка компаниялари тасарруфидадир.