Ўзбекистон эбола иситмаси кириб келишига қарши чоралар кўрмоқда

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика Бош давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиевнинг ЎзА мухбирига айтишича, эбола иситмаси минтақага хос касаллик бўлмагани учун маҳаллий ҳолат сифатида рўй бермайди. Аммо ҳозирги глобаллашув жараёнида ҳалқаро савдо-иқтисодий, сайёҳлик ва бошқа алоқаларнинг жадал суръатларда ривожланиши, айниқса, ҳаво транспорти орқали йўловчи қатновининг кенгайиши дунёнинг исталган давлатида мазкур касаллик кириб келиши ва тарқалиши хавфини юзага келтиради.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар билан хамкорликда ушбу касаллик мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залларига ўрнатилган замонавий тепловизорлар орқали келаётган ҳар бир авиайўловчи тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Шундай тепловизорлар сайёҳлар ва тадбиркорлар кўп келадиган Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Навоий шаҳарлари аэропортларига ҳам ўрнатилган. Тиббий текширувларни ўтказишга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг санитария-назорат бўлими мутахассислари билан бир қаторда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли вирусология ва эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институтлари клиникалари шифокорлари ҳам жалб этилди.

Давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларидаги санитария-назорат пунктларида мамлакатимиз ҳудудига кириб келаётган фуқаролар замонавий пирометрлар (масофадан тана ҳароратини ўлчаш жиҳози) ёрдамида текширилмоқда. Барча санитария-назорат пунктлари мутахассислари етарли миқдорда замонавий шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Агар авиайўловчилар ва мамлакатимиз чегараларини кесиб ўтаётган фуқаролар орасида касалликка гумон қилинганлар аниқланса, санитария-назорат бўлими ходимлари, аэропортда навбатчилик қилаётган мутахассислар ҳамда аэропорт тиббий пункти тиббиёт ходимлари билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасида эбола касаллигига гумон қилинганларни госпитализация қилиш мақсадида босими бошқариладиган махсус бокслар ҳозирланган. Клиникада етарли миқдорда зарур дори-дармонлар, шахсий ҳимоя ва зарарсизлантирувчи воситалар захираси тайёрланган. Вилоят юқумли касалликлар шифохоналарида ҳам захира яратилди.

2014 йилнинг октябрь ойидан хорижий сафардан қайтаётган юртдошларимизнинг саломатлиги юқумли касалликлар шифокори билан кучайтирилган таркиб ёрдамида тепловизорлар воситасида назорат қилиб борилмоқда.

Врачлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг ҳушёрлиги, билим ва савиясини ошириш мақсадида санитария-эпидемиология назорати марказлари мутахассислари, юқумли касалликлар шифокорлари ва вирусологлар иштирокида эбола иситмаси этиологияси, патогенези, клиникаси, ташхиси, даволаш усуллари, профилактикаси ва эпидемияга қарши курашиш чора-тадбирларига бағишланган семинарлар ўтказилмоқда.

Касалликка қарши курашишнинг муҳим йўналишларидан бири аҳоли ўртасида санитария-эпидемиология тадбирларини юқори савияда ташкил этиш ва тиббий-санитария тарғиботини кенгайтиришдир. Бу борада жойларда зарур чора-тадбирлар ташкил этилаётир. Амалга оширилаётган бундай ишлар натижасида юртимизда санитария-эпидемиология ҳолати барқарорлиги таъминланмоқда.

Бош санитарга кўра, эбола иситмаси касаллигининг яширин даври 2 кундан 21 кунгача давом этиши мумкин. Бунда тана ҳарорати кўтарилади, иситма, ич кетиши, қорин ва мушакларда оғриқ, қусиш, милкдан, бурундан, ошқозон-ичаклардан қон кетиши кузатилади. Бундай белгилар аниқланганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак.

Шуни афсус билан таъкидлаш зарурки, бугунги кунгача касалликнинг махсус даволаш усуллари ва эмлаш воситалари ишлаб чиқилмаган. Касалликнинг профилактикаси сифатида эбола иситмаси авж олган ҳудудларга боришни вазият изга тушгунча тўхтатиш, эпидемия ўчоқларидан бошқа ҳудудларга борганларни тиббий кузатувга олиш муҳим аҳамиятга эга.