Абдулазиз Комилов Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус билан учрашди

Париж шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Франция Республикаси ташқи ишлар ва халқаро ривожланиш вазири Лоран Фабиус билан учрашди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон-Франция муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги учрашувлар, ишбилармон доираларининг самарали ҳамкорлиги, мунтазам илмий-таълим ва маданий соҳалардаги ўзаро алмашувлар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари даражасидаги алоқалар кўп қиррали муносабарларни ҳар томонлама кенгайтириш имконини яратиши таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, узоқ муддатли Ўзбекистон ва Франция ҳамкорлигининг кун тартибини ҳар икки томон манфаатлари асосида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Вазирлар жаҳонда кузатилаётган кескин ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратиб баъзи халқаро муаммолар, жумладан, Афғонистон ва бутун Марказий Осиё ҳудудидаги вазият юзасидан фикр алмашдилар.

Музокаралар “Тошкент Француз алянси”ни таъсис этиш ва фаолияти шартлари тўғрисидаги ҳамда соғлиқни сақлаш ва тиббий фанлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимларнинг вазирлар томонидан имзоланиш маросими билан якунланди.

Шу куннинг ўзида Франция Ташқи ишлар вазирлигининг Сиёсий масалалар ва хавфсизлик бўйича бош дирекцияси бошлиғи ўринбосари иштирокида икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг тўққизинчи раунди бўлиб ўтди.