Грузия бош вазири Ўзбекистонга ташриф буюради

Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили 2015 йил апрелида Ўзбекистонга ташриф буюради.

Бу Грузия ташқи ишлар вазири Тамар Беручашвили ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқотида маълум қилинган.

Грузия ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, томонлар ушбу мулоқотда икки мамлакат ўртасида иккитомонлама ва кўптомонлама муносабатлар ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қилишди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, жорий йилда Ўзбекистон ва Грузия муносабатлари бирмунча жонланди. Хусусан, Тошкент шаҳридаги Халқаро ҳамкорлик марказида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Грузия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон 15 йиллик танаффусдан сўнг шу йилнинг май ойида Грузиянинг Поти денгиз порти орқали Европа мамлакатларига пахта етказиб беришни бошлади. Грузия иқтисодиёт ва барқарор тараққиёт вазири ўринбосари Михеил Жанелидзенинг айтишича, жорий йил охирига қадар Ўзбекистон истеъмолчиларга 250 минг тонна пахта толасини айнан Грузия ҳудуди орқали етказиб беради.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари Иброҳим Эргашевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони Грузия орқали юк ташиш ҳажмини янада оширишга тайёр бўлиб, бу икки мамлакатнинг манфаатларига хизмат қилади.

Вазир ўринбосарининг айтишича, Боку—Тбилиси—Ахалкалаки (Грузия) — Карс (Туркия) темир йўлининг имкон қадар тез фойдаланишга топширилиши Ўзбекистоннинг Жанубий ва Марказий Европа мамлакатлари бозорига чиқишда ушбу йўналишдан фойдаланишига замин яратади.

Ўзбекистон 1996 йилда Грузиянинг Поти порти орқали пахта толаси транзитини бошлаган. Портда пахта сақлаш омборлари ташкил қилинган. 1997-1998 йилларда мазкур йўналиш орқали йилига 100 минг тонна тола ташилган. Кейинчалик турли сабабларга кўра бу транзит тўхтаб қолади.