Европа Иттифоқи Ўзбекистонни матбуотга нисбатан чекловларни қисқартириш бўйича чоралар кўришга чақирди

Шу йилнинг 18 ноябрь куни Брюсселда Адлия, ички ишлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита гуруҳининг 11-мажлиси доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотнинг саккизинчи босқичи ўтказилди. Бу ҳақда Газета.uz хабар тарқатди.

Ўзбекистон делегациясини адлия вазири Ниғматилла Йўлдошев бошқариб, унда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов ва бошқа мансабдор шахслар ҳам иштирок этди.

Европа Иттифоқи делегациясига эса ташқи ишлар бўйича Европа хизматининг инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича директори Сильвио Гонцато раҳбарлик қилди.

Хабарда айтилишича, ушбу мулоқот инсон ҳуқуқларига оид масалалар бўйича воқеалар ривожи, шунингдек, қамоқдаги шахслар билан муомала қилиш, сўз эркинлиги, аёллар ҳуқуқлари ва бирлашиш эркинлиги бўйича фикр алмашишга имконият яратди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишни бартараф қилиш учун сезиларли даражада ишларни амалга оширганини тан олиб, мамлакатни Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик қилишни давом эттиришга чақирди. Европа Иттифоқи, шунингдек, “Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ва махсус жараёнларга БМТни таклиф қилиш имкониятини кўриб чиқишга алоҳида чақирди”.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи Ўзбекистон тарафини матбуот учун чекловларни камайтириш, фуқаролик жамияти институтларини ташкил қилиш ва фаолияти учун кўмаклашиш, инсон ҳуқуқ фаолларига эркин фаолият юритиш ва ўз фикрини билдиришини таъминлаш, шунингдек, дин ва эътиқод эркинлигини янада самарали таъминлаш бўйича чоралар кўришга ундади. Ушбу мулоқотнинг навбатдаги босқичи 2015 йилда ташкил этилади.