Владимир Путин декабрда Ўзбекистонга ташриф буюради

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин шу йилнинг декабрь ойида Ислом Каримов таклифига биноан Ўзбекистонга ташриф буюради. Газета.ру сайтининг ёзишича, у бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчисидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиш пайтида маълум қилган.

“Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан, декабрда Тошкентга ташриф буюришни режалаштираяпман. Шак-шубҳасиз, бу ташриф икки томонлама муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деди у.

Владимир Путин, шунингдек, жорий йилда Стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланганига 10 йил тўлиши ва бу сана нишонланаётганини маълум қилди.

Путиннинг сўзларига кўра, ўтган давр мобайнида икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларида жиддий натижаларга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, илгари Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Акмал Камалов Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган эди.