Ислом Каримов Қозоғистонга ташриф буюради

Шу йилнинг 24—25 ноябрт кунлари Ислом Каримов расмий ташриф билан Қозоғистон Республикасига боради. Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Б. Жаксенбиннинг “Қозинформ”га маълум қилишича, мазкур ташриф давлатлараро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қўшимча туртки беради. Ташриф доирасида томонлар минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

“Дунёнинг етакчи мамлакатлари бир-бирига иқтисодий санкциялар қўллаб турган бир пайтда мамлакатларимиз учун иккитомонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръатлари жуда катта аҳамиятга эга”, деди у.

Элчининг сўзларига кўра, 2013 йилда икки мамлакат ўртасида савдо айланмаси 3,2 миллиард долларни ташкил қилиб, 2012 йилга қараганда 14 фоиз ўсиш қайд этилди. Жорий йилнинг тўққиз ойида эса бу кўрсаткич 3,1 миллиард долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига қараганда 25,7 фоиз ўсишга эришилди.

Дипломатнинг сўзларига қараганда, Қозоғистон ва Ўзбекистон савдо-иқтисодий муносабатларида қулай транзит-транспорт коммуникация тармоқларидан самарали фойдаланиш, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри алоқаларини кенгайтириш ва рағбатлантириш, шунингдек, божхона ва чегара расмийлаштирувларини соддалаштириш, капитал ва меҳнат кучининг эркин айланиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва етказиб бериш истиқболли йўналишлар ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 2013 йил июнь ойида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган эди.