Қамчиқ довони орқали ўтадиган темир йўл 2016 йил июлда ишга тушади

19 километрлик темир йўл тоннелини ўз ичига оладиган Ангрен-Поп йўналишидаги янги электрлаштирилган темир йўл тармоғи 2016 йил июль ойида ишга туширилади.

Президент Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси жамоасига йўллаган табригида айтилишича, ушбу темир йўл тармоғининг 2016 йил июль ойида ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятларини Ўзбекистоннинг марказий қисми билан ишончли тарзда боғлашга имкон яратади, республикамизнинг бутун ҳудуди бўйлаб ягона темир йўл транспорт тизимини шакллантириш борасидаги ишларни якунига етказади, Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ва Наманган вилоятининг Поп туманини боғлайдиган темир йўл қурилишини маълум қилган эди.

“Шу борада биз кўпдан буён ўйлаб юрган, бугунги кунга келиб рўёбга чиқариш имкони пайдо бўлган яна бир муҳим режамиз ҳақида сизларга ахборот бермоқчиман. У ҳам бўлса, Ангрен-Поп йўналишида умумий узунлиги қарийб 125 километр бўлган электрлаштирилган темир йўл қуриш лойиҳасини амалга оширмоқчимиз”, деганди Президент жумладан.

Шу йилнинг август ойида пайдо бўлган хабарларга кўра, 2013 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси ва Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси ўртасида Қамчиқ довонидан туннел орқали ўтадиган “Ангрен – Поп” темир йўл линиясини қуриш бўйича умумий қиймати 455 миллион долларлик шартнома имзоланиши билан хитойлик ҳамкорлар иштирокида бу борадаги ишлар бошлаб юборилди. Лойиҳа 19 километрлик темир йўл туннели қуришни кўзда тутади. Айни пайтда линиянинг 60 километрдан кўпроқ қисми қуриб битказилган.