Нуқтаи-назар: Америкада яшаб кетишга тайёрмизми?

Бир неча йилдирки Америкада истиқомат қиламан. Мана шу вақт мобайнида: «хорижда ўқиш, яшаш, ўзини ўнглаб олиш ҳар кимга эмас экан” – деган хулосага келдим. Бу билан ўзимизни устун қўйиб бошқаларни пастга уриш ниятимиз йўқ. Аксинча, миллат, халқ, айрим юртдошларимизнинг хориждаги тақдирига назар ташлаш билан бошқаларни ўйлаб кўришга чорлашдир. Нью-Йоркда ташкил қилинган “Ватандош” Ўзбек-Америка жамиятида АҚШга ташриф буюрган ватандошларимиз билан ишлаш жараёнида айримлар томонидан қўйилаётган хатоларнинг бутун бир миллат учун қимматга тушаётганлигини англадим.

Гоҳида АҚШнинг машҳур газета, журнал ва телеканалларида қулоғимизга таниш исмларни тез-тез эшитиб, ўқийдиган бўлиб қолдик. Афсуски бу исм-шарифлар фахрланадиган даражадамас, аксинча уялтирадиган.

“Биз ўзи қаерга кетаяпмиз?” деган саволни ўзимизга ўзимиз берадиган даражада, том маънода салбий томондан ишлатилмоқда. Хўш, АҚШга яшаш учун келаётганлар ва келганлар аслида “бегона юртда яшашга мослашишга тайёрмизми?” деган саволни ўзларига беришаяптими? Яшаётганлар қай даражада ўзлари режалаштирган, орзу қилган ҳаётга эришаяпти?

Келинг, айрим муаммоларга тўхталиб ўтсак:

Биринчидан. Ҳозирда юртимизнинг айрим вилоятларидан, халқ тилида “Грин-карта” лотереяси ютиб, АҚШга келиш урфга айланди. Айниқса, эндигина касб-ҳунар коллежини битирган қиз ва йигитлар орасида кўпчилик ютмоқда. Бу ютуқдан шошиб қолган ота-оналар ғолиб бўлган фарзандини, керак бўлса, бир ҳафта ичида тўй қилиб эрли ёки хотинли қилиб қўймоқда. Аслида оила қуриш шунчалик осон ва арзон ишми? Бир-бирини ҳали яхши танишга улгурмаган, ўрганмаган икки ёш тўйдан 2-3 ой ўтар ўтмас, Америкага келмоқда. Ўзбекистонда янги қурилган оила катталар, қайнота-қайнона назорати остида ўтадиган тўйдан кейин оёққа туриб олгунга қадар бўлган вақт, Америкада уларнинг назоратисиз ўтмоқда. Янги келган, инглиз тилини билмайдиган, Америка шароитидан бехабар ёш эр-хотин ўзини пул ишлаш мақсадида ишга урмоқда. Пул ишлаш, ортиқча муаммо туғдирмаса, албатта, яхши. Америка шароитида оилада эр-хотин одатда тўлиқ вақт, яъни ҳар куни 8 соатдан 12 соатгача тартибда ишлайди. Иш-уй, уй-иш тартибига тушган. Юртимиздагидай қўшни, танишлари билан ҳангома қилиш имкони бўлмаган одамда, албатта, тушкунлик кайфияти ҳукм суради. (инглиз тилини билмагач қийинда гаплашиш). Ўзбекистонда хотини ишламаган айрим эркаклар, Америкада иш бошлаган хотининг кун бўйи ишда бўлишини ҳазм қиломаётган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Иккинчидан. Халқимизда “Кўрмаганнинг кўргани қурсин» деган нақл бор. Ушбу нақл Америкада ишлаб 3-4 сўм пул топиб босар-тусарини билмай қолган айрим юртдошларимизга нисбатан тез-тез ишлатилиб турибди. Пул топган аёлнинг ўз эрини менсимаслиги, аксинча ‘”бой” эрнинг ўз хотинини менсимасдан эътибор бермай қўйиш ҳолати ҳам учраб турибди. Натижада эътибор талаб, эр ёки хотин учинчи бир одамдан эътибор кутмоқда. Бу эса рашкнинг уйғоношига, оилада кўплаб жанжаллар бўлишига сабаб бўлмоқда. Ҳозирда оилавий жанжаллар учун полиция идорасидан судгача қатнаётган эр-хотинларнинг бизга ёрдам сўраб мурожаат қилган ҳолатлар кундан кунга кўпаймоқда. Уйида жанжал пайтида хотини ёки қўшнисининг полицияга қўнғироқ қилиши натижасида бир неча кун «ўтириб» чиқаётган, кейин эса ажрашиб кетаётган оилалар мавжуд.

Учинчидан. Ижтимоий тармоқлар facebook, odnoklassniki, whatsapp, tango сингари яна алламбало номлар остидаги технология меваларидан фойдаланиш ҳам эр-хотин ўртасида жанжал келиб чиқишига, ажрашишларга сабаб бўлмоқда. Бу каби ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланишнинг сабаби АҚШда чекланмаган интернетнинг арзонлиги ва аввал, бундай имкониятга эга бўлмаган айрим ёшларнинг ижтимоий тармоқларни ишлатишга муккасидан кетганлигидир.

Тўртинчидан. Ёш оилаларнинг тез, осонликча ажрашиб кетаётганлигининг сабаби қўл ураётган хатоларининг ҳуқуқий оқибатларини тушуниб етмаслиги ҳамдир. Масалан Америкада Domestic Violence (оилавий зўравонлик) катта бир тизим мавжуд. Бу тизим айнан Америка фуқаролик суди тизимидан эр-хотин, қариндошларнинг ўртасида жанжалларнинг кўп учраши натижасида алоҳида тизим сифатида ажратилгандир. Ҳозирда “оилавий зўравонлик” билан судга иши тушаётган юртдошларимиз жуда кўп. Суд томонидан эр ёки хотинга нисбатан “оилавий зўравонлик” бўйича чиқарилган ҳукмнинг айрим қисмлари бузилса эр ёки хотин АҚШ ҳудудидан депортация қилиниши қонунда назарда тутилган. Бу каби қоидаларни билмаган айрим юртдошларимиз осонликча ҳуқуқбузарлик содир этмоқда.

Бешинчидан. Айрим эр-хотинлар бировларнинг гапига учиб эри ёки хотинини полицияга арз қилиб топшираётган ҳолатлар жуда ачинарли. Сиз вояга етган, ақли ҳуши жойида одам бўлсангиз, ҳар бир қилаётган ишингиздан олдин ўйлаб кўринг. Хўш, 911га қўнғироқ қилдингиз, эр ёки хотинингизни олиб кетди. Кейин-чи? Кейин нима бўлади. 911 га умуман мурожаат қилманг, деган фикрдан йироқмиз. Агарда хафли ҳолат бўлса, албатта, мурожаат қилиш керак. Лекин арзимаган нарса учун қилиб судлашишгача бориш бу миллий қадриятларимизга мос эмас. Қачон эшитгансиз: қишлоғингизда фалончи хотин эрини полицияга топширибди деб? Агарда келажакда шу одам билан яшаб кетиш умиди бўлса, ҳар томонлама ўйлаб кўриш керак.

Хулоса ўрнида, ҳурматли юртдошлар, Америкага келишдан олдин маданияти, урф-одати, тили, ижтимоий жабҳалари юртимиздикидан фарқ қиладиган бегона юртда яшашга қанчалик тайёрсиз? Янги келиб оёққа туриш тараддудида юрган ёш оилалар тушкунлик кайфиятидан чиқиб тил ўрганиб, миллий маданиятимизни унутмаган ҳолда мазмунли ҳаёт қуришга тайёрмизми, деган саволни бериб кўришса мақсадга мувофиқ бўларди. Хорижда содир этилган ҳар қандай қонунбузарлик юртимиз Ўзбекистон номига салбий таъсир қилади. Сизу биз мамлакатимиз номини қора қилишга ҳаққимиз йўқ, аксинча унинг тақрқааиётига ҳисса қўшишимиз ҳар биримиз учун фарздир. Шундай экан тил ўрганиб, билим олиб, миллий маданиятимизни унутмаган ҳолда яшаш оёққа туриш муҳим вазифадир. Ўзбекистонликлар доимо пул топиб ҳайр-эҳсон қилиб тўйлар қилиб фарзанд тарбияси билан шуғулланиб келган ва бу ҳолатлар бизга ярашган. Шуни давом эттириш барчамизга насиб этсин!

Дилшод ЗОКИРОВ