Ўзбекистон парламенти таркиби қарийб тўлиқ янгиланади

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олди. Рўйхат Марказий сайлов комиссиясининг сайтида эълон қилинди.

Маълумотларга кўра, рўйхатга олинган номзодларнинг 31,8 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

Парламент қуйи палатаси депутатлигига номзодлар орасида таълим соҳаси вакиллари 26,5, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари 20,2, иқтисодчилар 20,8, ҳуқуқшунослар 14,2, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари 10,1 фоизни ташкил қилди. Номзодларнинг барчаси олий маълумот ва катта ҳаётий тажрибага, 21,7 фоизи эса фан доктори ёки номзоди илмий даражасига эга.

Номзодларнинг 13,8 фоизи илгари ҳам депутатликка сайланган. Экспертларнинг фикрича, бу Ўзбекистонда парламент қуйи палатаси қарийб тўлиқ янгиланишидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 150 нафар депутатдан иборат бўлиб, уларнинг 135 нафари можаритор сайлов тизими бўйича партиялар томонидан кўрсатилади. 15 нафар депутат эса Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланади.