“Спартак” мухлисини ўлдирган Ўзбекистон фуқароси 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Москва суди Ўзбекистон фуқароси Жаҳонгир Аҳмедовни “Спартак” футбол жамоаси ишқибози Леонид Сафьянниковни оғир тан жароҳати етказиш йўли билан ўлдирганликда айблаб, уни 7 йилу уч ойга озодликдан маҳрум қилди.

Москва шаҳар судига кўра, “Аҳмедов жазони қаттиқ режимдаги колонияда ўтайди”.

Хабарларда айтилишича, Сафьянников билан муштлашувдан сўнг айбланувчи Ўзбекистонга қайтишга муваффақ бўлган, аммо оиласи ва қариндошларининг босими остида Россияга қайтишга мажбур бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг 22 яшар фуқароси Леонид Сафьянниковни оғир тан жароҳати етказиш йўли билан ўлдирганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси Москвага ўз хоҳишига кўра учиб келган. Хабарда айтилишича, 25 яшар Ўзбекистон фуқароси Жаҳонгир Аҳмедов Москва аэропортига келиб қўнгач, Россия ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан қўлга олинган.

Маълум бўлишича, шу йилнинг 13 май куни кечқурун марҳум Сафьянников Пушкино станциясидан узоқ бўлмаган бозорнинг янида машинасини тўхтаб туриш учун қўяди, ўша пайтда бозордан айбланувчининг машинаси чиқиб келаётган бўлади, марҳумнинг машинаси унга халақит беради. Ҳайдовчилар ўртасида баҳс келиб чиқади. Тортишув пайтида айбланувчи марҳумнинг бошига уради, у ерга қулаб тушади. Шундан сўнг урган шахс жабрланувчининг машинасига ўтириб, 20 метр нарида турган устунга бориб урилади. Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, у айбини яшириш учун атайин авария ҳолатини яратмоқчи бўлган. Шундан сўнг айбланувчи жабрланувчини яқин атрофда турган таксичи билан бирга касалхонага олиб боради. Сафьянников касалхонада вафот этади.

Судмедэкспертиза хулосасига кўра, марҳум бош-мия жароҳати оқибатида вафот этган. Ушбу воқеа Россияда мигрантларга қарши турли намойишларнинг авж олишига сабаб бўлган.