Россияга қарши санкциялар сўмни қадрсизлантиряптими?

Ўзбекистон миллий валютаси — сўм Россияда долларнинг рублга нисбатан нархи ўсиши сабабли қадрсизланмоқда. “Регнум” ахборот агентлигининг Ўзбекистон Марказий банки ходимига таяниб хабар беришича, сўнгги кунларда ўзбек сўми долларга нисбатан 17 фоизга арзонлашган.

Марказий банк вакилига кўра, доллар курсидаги нархнинг ошиши бевосита Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар билан боғлиқ бўлиб, улар аввалгиларига қараганда камроқ пул жўнатишмоқда.

Меҳнат мигрантлари маошини рублда олишади ва уни сўнг долларга алмаштиришади, чунки Ўзбекистонда норасмий савдо амалиётларини амалга ошириш мумкин бўлади. Долларнинг нархи рублга нисбатан 20 фоизга ошди ва албатта, меҳнат мигрантлари валюта айирбошлашда ушбу тафовут миқдорида кам доллар харид қилишади.

Марказий банк вакилига кўра, Россияда тахминан 6 миллион Ўзбекистон меҳнат мигрантлари бор. Улар йилига йилига 17 миллиард доллар миқдорида маблағ юборишади.

Айрим манбаларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги кунларда долларнинг нархи “қора бозорда” ҳақиқатдан ҳам бирмунча кўтарилган. Бугунги кунда 1 АҚШ доллари тахминан 3280-3350 сўмга олди-берди қилинмоқда. Ваҳоланки, июль ойида бир АҚШ доллари 3050-3100 сўм атрофида эди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўрнатилган курсларга кўра, 2014 йилнинг 1 апрелидан 1 ноябрига қадар 1 рубль ўзбек сўмига нисбатан 10 фоизга, евро эса 3 фоизга қадрсизланган. Доллар эса 5 фоизга қимматлашган.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Россия ўртасида пул ўтказмалари ҳажми жорий йилнинг иккинчи чорагида 1,787 миллиард долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу давридагига қараганда 1,83 фоиз ўсиш кузатилди.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра, иккинчи чоракда Россиядан Ўзбекистонга 1,63 миллиард доллар юборилган. 2013 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1,62 миллиард долларни ташкил қилган эди.

Бунда ҳар бир ўтказманинг ўртача миқдори 555 доллардан 576 долларга етди.

2013 йилда Россия Федерациясидан Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан пул ўтказиш тизимлари орқали 6 миллиард 632 миллион доллар миқдорида юборилган. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг кўп кўрсаткич ҳисобланади.

Ўзбекистон Россиядаги меҳнат мигрантлари сони бўйича пешқадамлик қилмоқда. Россия миграция хизмати маълумотларига кўра, 2014 йил 1 июнь ҳолатига кўра, 2,4 миллионга яқин ўзбекистонлик мигрантлар Россияда меҳнат қилмоқда.