Америкада махфий идора томонидан маҳбуслар қийноққа солингани тан олинди

АҚШда Марказий разведка бошқармаси томонидан тергов сўроқларини олиб боришда шафқатсиз хатти-ҳаракатларни қўллагани ҳақидаги узоқ кутилган маъруза эълон қилинди.

Вашингтонда ташкил этилган матбуот анжуманида чиқиш қилган Сенатнинг разведка ишлари бўйича қўмитаси раиси Дайен Файнстайн маъруза тергов сўроқларида қийноқдан қарийб фарқ қилмайдиган шафқатсиз усуллар қўлланилганини тасдиқлашини айтиб ўтди.

Маърузанинг асосий хулосасига кўра, мазкур идора томонидан терроризмда шубҳаланиб қўлга олинган “ал-Қоида” аъзоларига нисбатан қўлланилган қийноқлар қандайдир қимматли маълумотларни қўлга киритишга ёрдам бермаган.

Маърузанинг қисқа баёнида келтирилишича, Марказий разведка бошқармаси Оқ уй ва Конгрессни, америкаликларни бундай усул самарали эканлиги ҳақидаги ёлғон ахборотлар билан чалғитиб келган. Бу тергов сўроқлари амалдаги тартибга риоя этилмасдан ўтказилган, қўлга киритилган маълумотлар ҳам ишончли бўлмаган.

Шубҳаланувчиларга нисбатан қийноқ усулларини қўллаш 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг бошланган.

Маъруза эълон қилиниши турли норозиликларга сабаб бўлиши эҳтимоли боис АҚШнинг дунёдаги элчихона ва консулхоналарида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Сенат қўмитаси маърузасининг тўлиқ матни 6 минг саҳифадан иборат бўлиб, унинг асосий қисми махфийлаштирилган ҳамда бор-йўғи 480 саҳифасигина очиқ равишда эълон қилинган.

Шуни айтиш керакки, маърузани эълон қилиш америкалик сиёсатчилар орасидаги фикрлар қарама-қаршилиги сабабли бир неча маротаба кечиктирилди. Бундан беш йил бурун ушбу текширишни ўтказиш ташаббуси билан чиққан Сенат қўмитаси раиси Дайен Файнстайн Оқ уй билан бир неча давомида махфий ахборотларнинг эълон қилиш даражасини белгилаш борасида музокаралар олиб борди.

Эслатиб ўтамиз, Барак Обама 2009 йилдаёқ тергов сўроқларининг мазкур усулларини қўллашни тақиқлашга кўрсатма берган эди. У ўшандаёқ Марказий разведка бошқармасининг ушбу хатти-ҳаракатлари моҳиятан қийноққа тенг бўлганини қайд этганди.

Ушбу дастур Жорж Буш президентлиги даврида учинчи мамлакатлар ҳудудида амалга оширилган. Ушбу дастур доирасида 100 нафардан ортиқ маҳбуслар сўроққа тутилган. Бунда бошини сувга тиқиш, юзига уриш, камситиш, уйқудан маҳрум қилиш, совуқ билан таъсир ўтказиш йўллари билан сўроққа тутилган.

Республикачилар орасида айрим сиёсатчилар Сенат қўмитаси маърузасини қўллаб-қувватлаган бўлса, айримлари у Америка хавфсизлигига таҳдид солишини қайд этишган.