Владимир Путин: “Россия Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий шериклари орасида биринчи ўринда ишончли турибди”

Тошкент шаҳрида расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан мулоқот олиб борди.

Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон раҳбарига қабул учун ташаккур билдириб, Тошкентда бўлиш у учун ҳар доим мамнуният бағишлашини қайд этди. “Яқин кунларда Ўзбекистонда сайлов жараёни бошланади. Қонунчилик органига сайлов, сўнг давлат раҳбари сайлови бўлиб ўтади. Суҳбатимиз аввалида ушбу муҳим тадбирларни ўтказишда муваффақият тилашни истардим”, деди Владимир Путин ўз сўзи бошида.

Владимир Путин икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар асосий ҳужжатлар билан тартибга солинишини қайд этиб ўтди. “Улардан бири Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномадир. Ушбу сўзга алоҳида урғу берамиз. Чунки сиёсий мулоқотларимиз барча бўғинларда: парламент, ҳукуматлар ва олий даражада олиб борилмоқда”, деди Путин.

Владимир Путин Россия Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий шериклари орасида биринчи ўринда ишончли турганини ва ушбу кўрсаткични сақлаб қолишга ҳаракат қилишини айтиб ўтди. Унинг фикрича, Ўзбекистон минтақада Россия учун устувор шериклардан биридир. Бу Россия учун Ўзбекистон минтақадаги энг йирик мамлакат, деганидир.

“Сиз ҳам, биз ҳам минтақадаги вазиятга бефарқ эмасмиз. Шунинг учун Сиз билан учрашиб турганимдан ва жуда кўплаб масалаларда мулоқот қилиш имкониятидан миннатдорман”, деди Владимир Путин.

Расмий ташриф доирасида Ўзбекистон ва Россия ўзаро молиявий талаблар ва мажбуриятларни тартибга солиш тўғрисидаги шартномани, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисидаги 2015-2019 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро битимни имзолаган.