2014 йилда йўқотганларимиз…

2014 йил ҳам поёнига етиб бормоқда. “Ватандош” 2014 йилда сизу бизни тарк этган юртимиз илм-фани, адабиёти, маданияти ва санъати вакилларини ёдга олади. Охирати обод бўлишсин.

Олмахон Ҳайитова
hayitova_02012013

Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитова 2014 йилнинг 1 январь куни вафот этди.
Хоразм санъатида Комилжон Отаниёзовдан сўнг энг катта шуҳрат қозонган, ўнлаб шогирдларга устозлик қилган «чинор»ни қандли диабет хасталиги қулатди». Олмахон Ҳайитова 73 ёшда эди.

Барча пардаларда жарангдор, кучли ва кенг овоз соҳибаси бўлган Олмахон Ҳайитова 1940 йил Хоразм вилоятининг Хонқа туманида таваллуд топган. Унга мусиқада дастлаб Ў. Саидов, кейинчалик Комилжон Отаниёзов устозлик қилган. 1958-59 йилларда Янгийўл театрида, 1959 йилдан эса ҳозирги «Лазги» ансамблида яккахон хонанда сифатида фаолият олиб борган. 1974 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган.

Олмахон Ҳайитова 1995-2003 йилларда «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасининг Хоразм вилояти бўлими раҳбари, 2003 йилдан эса Тошкент маданият институтида профессор сифатида ишлаган. Репертуаридан оммабоп қўшиқлар, мумтоз ашулалар, Хоразм халқ достон қўшиқлари, бастакор ва композиторларнинг асарлари, шунингдек, туркман, озарбайжон халқ қўшиқлари ўрин олган эди.

Аҳмад Аъзам

ahmadazam_05012014Ёзувчи, мунаққид, сценарийчи ва тележурналист Аҳмад Аъзам 2014 йилнинг 4 январь куни вафот этди. Аҳмад Аъзам 64 ёшда эди.

Адибнинг шахсий сайтидаги маълумотларига кўра, Аҳмад Аъзам 1949 йили Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги Ғазира қишлоғида туғилган. 1971 йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факультетини тамомлаган. Шу йили Алишер Навоий номидаги музейда иш бошлаган.

Шундан сўнг «Гулистон» журнали, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, «Совет Ўзбекистон санъати» журнали редакцияларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган. Сиёсий фаолият билан шуғулланган.
1995 йилдан кейинги йилларда Ўзбекистон телевидениесига бош муҳаррир, «Ўзбекистон» телеканали бош директори, «Ўзбектелефильм» студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида юзлаб кўрсатув ва ҳужжатли фильмлар ишлаган, улар орасида энг машҳурлари сифатида «Ўзлик», «Халқнинг кўнгли», «Тўртинчи ҳокимият» кабилар қайд этилади.

«Ойнинг гардиши», «Бу куннинг давоми», «Асқартоғ томонларда», «Соясини йўқотган одам», «Ҳали ҳаёт бор» деган насрий асарлар, «Масъул сўз» деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, «Ўзи уйланмаган совчи», «Рўё ёхуд Ғулистонга сафар» романлари чоп этилган.

Академик Остон Жалилов

ostonjalilov_14022014
Ғўза генетикаси ва селекцияси соҳасидаги йирик олим, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Остон Жалилов 77 ёшида вафот этди.

Остон Жалилов 1937 йили Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида деҳқон оиласида туғилди. 1961 йили Тошкент давлат университетини тугатиб, Фанлар академиясининг Ўсимликлар экспериментал биологияси (ҳозирги Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси) институтида кичик илмий ходим сифатида иш бошлади. 1967 йилда номзодлик, 1983 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.

Академик Абдували Абдуваҳобов

11209

Биоорганик кимё соҳасидаги йирик олим, кимё фанлари доктори, академик Абдували Абдуваҳобов 73 ёшида вафот этди.

Абдувли Абдуваҳобов 1941 йили Тошкент шаҳрида ишчи оиласида туғилган. 1965 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни тугатиб, ушбу университет аспирантурасида таҳсил олган, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1995 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.

Ёзувчи Зоҳир Аълам

28e3e0918056ac5f02117a1b6ca9aa0e-450x357

Таниқли ёзувчи Зоҳир Аълам 71 ёшида вафот этди. Ижодкор 2014 йилнинг 13 апрель куни вафот этган.
Таниқли адиб, таржимон, публицист, драматург Зоҳир Аълам 1943 йилнинг 23 июнида Тошкентда туғилган.

Мактабни тугатгач, кундузлари Тошкент трактор заводида ишлаб, кечқурунлари эса Тошкент Давлат дорилфунунида таҳсил олган. «Ўзбекистон» нашриётида, «Шарқ юлдузи» ойномаларида фаолият кўрсатган.

Биринчи китоби — «Бахтли билет» 1972 йилда чоп этилган. «Муқаддима», «Кийик кўзлари» насрий тўпламлари ҳамда «Боёвут», «Майиз атрофидаги гаплар», «Жомбой ҳангомалари» сингари публицистик асарлар муаллифи. Унинг «Афандининг қирқ бир пашшаси» пьесаси республика театрларида қайта ва қайта саҳналаштирилган ҳамда рус ва болгар тилларига таржима қилинган.

Академик Эргаш Фозилов

ergash-fozilov_14052014
Ўзбек тилшунослиги соҳасидаги йирик олим, филология фанлари доктори, академик Эргаш Фозилов 81 ёшида вафот этди.

Эргаш Фозилов 1933 йили Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида ишчи оиласида туғилган. 1957 йилда Москва давлат университетини тугатиб, Ўзбекистон Фанлар академияси Тилшунослик институти аспирантурасида таҳсил олган, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.

Спорт шарҳловчиси Давлат Турдиалиев

davalt_02082014

Таниқли спорт шарҳловчиси, ЎзМТРК «Спорт» телеканалининг собиқ раҳбари Давлат Турдиалев 52 ёшида вафот этди.

Давлат Турдиалиев фаолияти давомида ЎзМТРКнинг турли телеканалларида спорт шарҳловчиси сифатида фаолият олиб борган, турли йилларда «Ёшлар», «Спорт» телеканалларида футболга ихтисослашган муаллифлик кўрсатувларини тайёрлаган эди.

2009-2013 йилларда ЎзМТРК «Спорт» телеканали директори сифатида иш олиб борган Давлат Турдиалиев сўнгги вақтларда «Спорт» телеканалида шарҳловчи ва кўрсатув муаллифи сифатида фаолият юритаётган эди.

Академик Жўра Мусаев
usmanov_28102014

Биология ва генетика соҳасидаги таниқли олим, биология фанлари доктори, профессор, Фанлар академияси академиги Жўра Азимбоевич Мусаев 86 ёшида вафот этди.

Жўра Мусаев 1928 йили Тошкент вилоятида туғилди. 1948 йили Ўрта Осиё давлат университетини биолог-ботаник мутахассислиги бўйича тугатиб, аспирантурада ўқишни давом эттирди. 1955 йилда номзодлик, 1974 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1984 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.

ЎзА, Kun.uz, Vatandosh матн ва суратларидан фойдаланилди.