АҚШнинг молия маркази — Уолл-Стритда Ўзбекистон Мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон давлат байроғини кўтариш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси томонидан Туркистон — Америка ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда шаҳар аҳолиси қатнашди. (видео)
Ўзбекистон байроғини кўтариш тадбирида давлат мадҳияси янгради. Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга оширишда улкан натижаларни қўлга киритганини алоҳида қайд этишди.
Хусусан, Туркистон — Америка ассоциацияси раиси Абдулла Хўжа шу кунларда Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги кўтаринкилик кайфияти ва ғурур билан нишонланаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, айнан истиқлол шарофати билан Ўзбекистон байроғи Ер шарининг барча қитъаларида, катта-кичик шаҳарларда, шу жумладан, Нью-Йоркда ҳилпираб турибди.
АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси президенти Борис Қандов эса Ўзбекистоннинг истиқлол йилларидаги энг асосий ютуқларидан бири мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва динлараро тотувлик эканлигини қайд этди. Маънавий қадриятлар, урф-одат ва анъаналар тикланмоқда.
Тадбир доирасида меҳмонлар учун миллий куй-қўшиқлар ижро этилди, рақс дасталари туҳфа этилди.
Ўзбекистон байроғи Уолл-Стритда шу йилнинг 7 сентябрига қадар ҳилпираб туради.
Суратлар Замира Салимга тегишли.