Абдулазиз Комилов Хитойда ШҲТ бош котиби билан учрашди

2016 йилнинг 28 январь куни Хитой Халқ Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Пекин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Рашид Алимов билан учрашди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистонлик дипломат Рашид Алимовни Бош котиб лавозимини бажаришга киришганлиги билан табриклаб, Ташкилот доирасида аъзо давлатлар ҳамкорлигини янада ривожлантиришда ШҲТ Котибиятининг муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

Бош котиб Ўзбекистон раислиги остида ШҲТ Хартияси ва бошқа асосий ҳужжатларда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш борасидаги изчил тадбирларни юқори баҳолади.

Учрашув давомида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йилда ташкил этилган вақтидан бошлаб жаҳон сиёсатида сезиларли роль ўйновчи нуфузли халқаро тузилмага айлангани қайд этилди. Аъзо давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Суҳбат давомида 2016 йил июнь ойида Тошкент шаҳрида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини ва жорий йилдаги бошқа асосий тадбирларни ўтказишга тайёргарлик жараёни амалий жиҳатдан муҳокама қилинди.