Абдулазиз Комилов Хитой ташқи ишлар вазири билан учрашади

2016 йилнинг 27-29 январь кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Хитойда бўлади. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Пекин шаҳрида Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И билан бўлиб ўтадиган учрашувда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, жумладан бўлажак икки ва кўп томонлама ҳамда ШҲТнинг Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган тадбирларига тайёргарлик жараёнини кўриб чиқиш режалаштирилган.

ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов билан ўтказиладиган музокаралар доирасида 2016 йил июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ҳамда Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотда раислиги доирасида ўтказиладиган бошқа тадбирларга тайёргарлик кўришнинг амалий масалалари муҳокама қилинади.