АҚШда Ўзбекистон фуқароси 25 йилга озодликдан маҳрум этилди

Ўзбекистон фуқароси Фазлиддин Қурбонов АҚШнинг Айдаҳо штати федерал суди томонидан террористик ташкилотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда портловчи моддаларни сақлаганлиги учун 25 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақида АҚШ адлия вазирлиги хабар тарқатди.

“Фазлиддин Қурбонов “Ўзбекистон исломий ҳаракати” террористик ташкилотини моддий қўллаб-қувватлашга уриниш ва Америка ҳудудида теракт содир қилишучун портловчи қурилма ясаш учун материалларни харид қилганликда айбланди”, деди АҚШ прокурорининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Жон Карлин.

33 ёш бўлган Қурбонов шу йилнинг август ойида суд томонидан айбдор деб топилган эди. У қамоқ муддатини ўтаб бўлганидан сўнг ватанига депортация қилинади. Прокурорлар суд қароридан қониқиш ҳосил қилишган.

Қурбонов 2013 йилнинг май ойида қўлга олинган эди. У электрон почта ва Skype орқали “Ўзбекистон исломий ҳаракати” террористик ташкилоти вакили билан мулоқот қилган. Ушбу ташкилот Ўзбекистон, АҚШ, Россия ва бошқа бир қатор мамлакатларда тақиқланган. Қурбонов террористик ташкилот вакиллари билан америкаликларга нисбатан ўзининг нафратини баён қилиб, қўлбола бомба ясаб, Техас ва Айдаҳода ҳарбий базаларида портлаш уюштиришни ният қилган.