“Газпром” Ўзбекистондан газ харид қилиш ҳажмини оширди

2016 йилнинг 1 январидан бошлаб “Газпром” Ўзбекистондан газ харид қилиш ҳажмини оширди. ТАСС ахборот агентлиги соҳадаги ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилишича, Ўзбекистондан сотиб олинадиган газ ҳажмини ошириш бўйича келишувга ўтган йилнинг декабрь ойи охирида эришилган.

Шуни қайд этиш керакки, 2014 йилда “Газпром” компанияси яқин вақтлар ичида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Туркманистон ва Ўзбекистондан табиий газ харид қилишни тўлиқ тўхтатиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқаган эди.

Ўзбекистон Россияга табиий газ етказиб беришни камайтириб бормоқда. Бунда Хитойга газ экспорти ҳажми оширилаётгани асосий ўринни эгалламоқда. 2021 йилга бориб Ўзбекистоннинг асосий газ экспорт йўналиши Хитой бўлади.

2015 йилда Чин мамлакатига Ўзбекистондан тахминан 10 миллиард куб метр газ экспорт қилинди. Маълумот учун айтиш керакки, 2013 йилда бу кўрсаткич 6 миллиард куб метрни ташкил қилган эди.

Ўзбекистон Ҳукуматига кўра, бугунги бозор ҳақиқатлари, қолаверса, Россияда талабнинг сусайишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон икки йил аввал газ экспортини диверсификация қилиш чораларини кўрган эди. Ҳисоб-китобларга кўра, сўнгги 5-6 йил учун Ўзбекистоннинг газ экспорт салоҳияти 15-16 миллиард куб метрдан ошмайди. Шунинг учун асосий газ импорт қилувчи мамлакатнинг ўзгариши жуда катта таъсир кўрсатмайди.

Ўзбекистон 2013 йилда 13 миллиард куб метр газ экспорт қилган. Шуни айтиш керакки, мамлакатда йилига 63-65 миллиард куб метр газ қазиб олинади. Унинг тахминан 50 миллиард куб метри ички истеъмолга йўналтирилади.

“Газпром”га эса 2013 йилда 7,5 миллиард куб метр, 2012 йилда эса 8,7 миллиард куб метр газ етказиб берилган.

“Газпром” Туркманистондан газ харид қилишни тўхтатганлигини маълум қилди.