Гўзал Ўтбосарова: “Абдумўмин акани тонгда ишга кузатганимча, қайтиб кўрмадим…”

2015 йилнинг 31 декабрида соат миллари Янги йил кириб келганидан дарак бериб бонг уришидан бир неча дақиқа аввал, Президеннинг байрам табригини ўқиб, телетомошабинларни телевизор қаршисига “михлаганди”.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай интернет тармоқларида нохуш хабар тарқалди. Абдумўмин Ўтбосаров юрак хуружи сабаб оламдан ўтибди… Ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди. Шунчаки, миш-миш бўлиб чиқишини истаганимиз афсуски ҳақиқат бўлиб чиқди…

Байрам куни ҳамма қатори, Абдумўмин Ўтбосаровнинг оила аъзолари ҳам Янги йилга ўзгача тараддуд кўришаётганди. Бироқ… 31 декабрь тонгида “Байрам дастурини ёзишимиз керак. Ишимни тугатиб қайтаман ва байрам дастурхони атрофида Янги йилни жумул-жам бўлиб кутамиз”, деб ишга кетгандилар, – дейди Гўзал опа кўзига ёш олиб. Бу ҳақида “Даракчи” газетасида махсус муҳбат эълон қилинган.

— Соғлиғидан доим хабардор эдим, сира юраги безовта қилганини айтмаган. Шундай бўлганида ҳам албатта, бу ҳақда билган ва дарҳол чорасини кўрган бўлардим. Чунки бирор муаммо юз берса, биринчи бўлиб менга айтар, мен билан маслаҳатлашардилар. Орамизда сир йўқ эди. Ўша куни тонгда ишга кузатганимча, у кишини қайтиб кўрмадим… Ўша куни телевидениедан қўнғироқ қилиб, “Абдумўмин акани тоби қочиб қолгани боис стационарга олиб кетишди. Лекин сиз хавотир олманг, аҳволи оғир эмас”, дейишди. Стационарга етиб борсам, у ер қабул қилмагани учун Тошкент тиббиёт академиясининг реанимация бўлимига ёткизишган экан. Ўша ерда жон бердиларми ё аввалроқми буни билолмадим…”, дейди сухандоннинг рафиқаси.