Жамоат жойларида чекканлик учун жавобгарликка фақат ички ишлар идоралари тортиши мумкин

Ўзбекистонда 2015 йил 30 декабрда қабул қилинган қонунга биноан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги тегишли ўзгартиш киритилди. Унга кўра, жамоат жойларида чекканлик учун жарималар жорий этилгани муносабати билан мазкур жарималарга тортилмаслик учун қайси ҳудудларга чекиш мумкинлиги, чекаётган шахс қонунни қасддан бузаётганда қандай йўл тутиш кераклиги каби саволлар пайдо бўлмоқда. “Norma” нашри мутахассислари уларга жавоб бериб, масалага ойдинлик киритган.

Хусусан, материалда қайд этилишича, қонунда ман этилмаган жойларда чекиш мумкин: бу ўз хонадони, автомобиль, жамоат жойидаги тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга махсус ажратилган майдон ёки хона бўлиши мумкин.

Жавобгарликка фақат ички ишлар идоралари тегишли баённомани расмийлаштирган ҳолда тортиши мумкин. Агар баённомада билдирилган ҳолатларга қўшилмасангиз, буни судда билдириш ҳуқуқига эгасиз.

Иш жойида муассис ёки у томонидан ваколат берилган шахс қарорига кўра ажратилган жойларда чекиш мумкин. Уларни ажратиш иш берувчи ва бино эгасининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир. Агар улар бундай жойларни ажратишдан бош тортса, ҳеч ким бунга мажбур этолмайди.

Кашандаларнинг зарарли одатидан азият чекаётганларга уларга жамоат жойларида чекиш ман этилганини эслатиш, мабодо бундан наф чиқмаса, ҳудудингизга бириктирилган ички ишлар ходимларига мурожаат этиш тавсия этилади.