Тошкентда йўл ҳаракати қоидалари бузилишини автоматик тарзда фото- ва видеоқайд қилиш тизими ишга тушди

Тошкентда йўл ҳаракати қоидалари бузилишини автоматик тарзда фото- ва видеоқайд қилиш тизими ишга тушди. Бу ҳақида “Подробно” ахборот агентлиги Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси катта инспектори Мансур Рихсиевга таяниб хабар тарқатди.

Бошқарма вакилига кўра, тизим қоидабузарликларни қайд қилмоқда, аммо автотранспорт воситалари эгалари жарима тўлаш тўғрисида билдиришнома олишмаяпти. “Тизим ишга тушди, деб айтиш мумкин. Бошқариш маркази аллақачон ишламоқда, захира пунктлари фаолияти ҳам йўлга қўйилган”, деди Рихсиев.

Видеоқайд этиш тизими жами 120 та чорраҳада ишлайди, уларнинг 100 тасидан ортиғи тизимга уланган. Ҳозирги кунда дастурий таъминотнинг айрим параметрларини ўрнатиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Тизим ушбу қурилмани етказиб берган ташкилотга тўлиқ тўлов амалга оширилганидан сўнг расман ишлай бошлайди. Чунки шундан сўнггина Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида автотранспорт воситасига эгасига қоидабузарлик ҳақида билдириш юбориш ҳуқуқи пайдо бўлади.

ИИВ вакилига кўра, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси тизим қоидабузарликни қайд этишни бошлаганини тўғрисида ҳайдовчиларни олдиндан хабардор қилишга мажбур эмас. Чунки барча фуқаролар ҳар қандай шароитда ҳам йўл қоидасига қатъий риоя қилишлари зарур.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳайдовчиларни огоҳлантириш учун “Фото ва видеофиксация” ахборот-ишора белгиси ҳам жорий этилди. Бу киритилган янгиликнинг долзарблиги Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини компьютерлаштирилган бошқарув тизимини  ишга тушиши билан боғлиқ.