Тошкентда 23-24 июнь кунлари ШҲТ давлат раҳбарлари саммити бўлиб ўтади

Жорий йилда ўзининг 15 йиллигини нишонлайдиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити шу йилнинг 23—24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Кремль матбуот хизматининг ёзишича, бу ҳақида 2015 йилнинг 31 декабрига қадар ШҲТ бош котиби лавозимини эгаллаб келган Дмитрий Мезенцев Россия президенти Владимир Путин билан учрашувида маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТнинг ўтган йили Уфа саммитида ташкилотга раислик Ўзбекистонга ўтган эди. ШҲТ раҳбарларининг навбатдаги саммити 2016 йил сентябрь ойининг биринчи ярмида ўтказилиши режалаштирилган эди.

Саммит санасининг ўзгартирилиши сабаблари кўрсатилмаган.

Шуни қайд этиш керакки,  2005—2015 йилларда Тожикистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчиси ҳамда ШҲТ Котибияти қошида доимий вакил бўлиб ишлаган Рашид Алимов ШҲТ бош котиби этиб тайинланди.