ШҲТ тузилмаларига янги раҳбарлар тайинланди

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг Қарорига мувофиқ, 2016 йилнинг 1 январь кунидан бошлаб Евгений Сисоев Тошкент шаҳрида жойлашган ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори лавозимига киришди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар берилган.

Генерал-полковник Е.Сисоев 1959 йилда Томск вилоятида туғилган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати тизимида кўп йиллардан буён фаолият юритиб келади. Сўнгги вақтда Россия Федерациясининг Федерал хавфсизлик хизмати директори ўринбосари – Миллий аксилтеррор қўмитаси девони бошлиғи вазифасида ишлаган.

Шу билан бирга, ШҲТнинг янги Бош котиби ўз лавозимига киришди.

Ушбу лавозимга 2005-2015 йилларда Тожикистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчиси ҳамда ШҲТ Котибияти қошида доимий вакил бўлиб ишлаган Рашид Алимов тайинланди.