Яшашдан мақсад нима?

Яқинда бир ватандошимиз билан телефонда гаплашиб қолдим. У Қўшма Штатларга 10 йилларча бурун келган. Шу ерда таълим олган. Яхшигина муваффақиятга эришганлардан. Америка шароитига анча мослашиб олган — ҳатто исм-фамилиясини ҳам ўзгартириб, Адам Смит қўйиб олган. Бола чақаси билан яшайди. Адамнинг солиқларни ҳисоблаб бериш бўйича фирмаси ҳам бор.

Мен унга “Сиз солиқлар бўйича яхши мутахассиссиз, Бир ватандошларни тўпласак, уларга АҚШ солиқ тизими ҳақида гапириб берсангиз» деган таклиф билан чиққан эдим.

Адам, биринчидан, мен ўз мижозларимни ўзбеклар бўлганидан кўра америкаликлар бўлишлигига кўпроқ ҳаракат қиламан. Сабаби, бизнинг ўзбеклар узоқни ўйлашмайди. Уларнинг мақсади қандай қилиб бўлмасин давлатдан кўпроқ пул ундириш, деди

«Ўзбекларни йиғиб солиқлар бўйича суҳбат қилишнинг сизга нима фойдаси бор?», деб сўради.

«Бизга ҳеч қандай моддий фойдаси йўқ. Биз Чикагода Ўзбек—Америка жамияти тузганмиз. Тадбирларимиздан биттаси ватандошларимизга Америка солиқ тизими бўйича семинар ўтказиб бериш», дедим унга.

Шундан сўнг ташкилотимиз яна нима ишлар қилиши билан қизиқди. Унга ташкилотимиз мақсади миллатдошларимиз ўз она тилларини, динларини, урф-одатларини сақлаб қолсалар, ёшларимизга яхши тарбия берсак, токи улар ёмон йўлларга кириб кетмасин деган ниятда ишлаш эканлигини, қолаверса бизнинг ўзбекларимиз ҳақида америкаликларга фақат яхши таассурот қолдириш кераклигини айтдим.

Адам: — Бу ишларингиз учун сизларга ким пул беради?

Мен: — Ҳеч ким. Биз ҳаммамиз (ҳайъат аъзолари 12 киши) кўнгилли, бепул ишлаймиз. Ниятимиз халқимизга холис хизмат қилиш.

Адам:  — Ака, мен Сизни тушуна олмадим. Бундан сизларга нима фойда? Қанча вақтларинг кетади, асабларинг кетади. Ҳеч қандай фойда бўлмаса. Масалан , мен учун тилнинг ҳам, диннинг ҳам ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Менинг болаларим дунёвий илмларни яхши эгалласалар, яхши ишлай олсалар, бас. Болаларни ёмон йўллардан қайтариб нима қиласиз? Бу ер озод ер, ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Қайтанга ўша ёмон ишларнинг ҳам бўлиб тургани яхши. Чунки бу бошқаларга сабоқ бўлади. Тўғрисини айтсам, мен ўзимизнинг ўзбеклардан узоқроқ юришга ҳаракат қиламан. Уларнинг хатти-ҳаракатлари мени уялтиради.

(Мен у нима учун исм-фамилиясини ўзгартирганини энди тушунгандай бўлдим)

Мен: — Тўғри, баъзи миллатдошларимиз ўзларининг нотўғри ҳаракатлари билан бошқаларни уялтиришади. Лекин, барибир бунинг билан биз ўзбеклигимиздан қочиб қутула олмаймиз. Ундан кўра, мана шунақа ташкилотлар тузиб ва турли тадбирлар ўтказиб миллатдошларимизнинг хатоларини тузатиб борсак, онги шуурини кўтарсак  яхши эмасми?

Адам:  — Э, ака буларга тушунтираман, деб умрингиз қандай ўтканини билмай қоласиз.

Бу беш кунлик дунёда инсон ўзи учун ҳам яшаши керакку, ахир…

Хуллас, гап шу ерга келганда, телефонимнинг қуввати тугаб, алоқа узилиб қолди.

Ўйлаб-ўйлаб, ушбу мавзуни сиз—миллатдошлар ҳукмига ҳавола этишни лозим топдим.

Хўш, бу “беш кунлик” дунё деб ҳар ким ўз билганича яшайвергани дурустми ёки кимгадир ёрдам бериш, яхшилик қилиш, ҳеч бўлмаса ўз халқи учун озгина бўлса-да холис хизмат қилиб яшаш маъқулми?

Бир сўз билан айтганда, ЯШАШДАН МАҚСАД НИМА? Сиз нима дейсиз, азизлар?

 

Олим Шарипов,

11 январь