Ўзбекистонда жамоат жойларида сигарета чекканлик учун жарима жорий қилинди

Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган тузатишга мувофиқ жорий қилинди. Бунда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар мустасно ҳисобланади.

Маҳаллий ва узоқ масофага қатнайдиган поездларда, дарё кемаларида белгиланмаган жойларда, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонларида (шу жумладан тамбурларида), шаҳар ичида, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда қатнайдиган автобусларда, шунингдек таксиларда, йўналишли таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш эса энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳаво кемаларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.