Ўзбекистонда маҳсулотларга экологик хавфсизлик белгилари қўйилиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мамлакат бозорларидаги маҳсулотлар экологик экспертизадан ўтказилиши ва экологик маркировка қилинишини кўзда тутувчи қарор лойиҳасини эълон қилди.

Қарор лойиҳасига келтирилган тушунтириш хатида айтилишича, Ўзбекистонда маҳсулотларнинг сифати ва ўзига хослигини кўрсатувчи “Экологик тоза”, “Эко…”, “Био…” ва уларга ўхшаш турли белги ва атамалардан фойдаланишнинг аниқ тартиби мавжуд эмас.

Шу сабабли сифатсиз ва қалбаки маҳсулотларнинг бозорга кириб келишининг олдини олиш, бунда уларнинг экологик хусусияти ҳақида долзарб маълумотларни эълон қилиш орқали экологик тоза маҳсулотлар жозибадорлигини ошириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экологик жиҳатлари ҳақида истеъмолчиларга ишончли, аниқ ва ҳаққоний маълумотларни бериш мақсадида янги норматив ҳужжатни қабул қилиш заруратини кун тартибига олиб чиқди.

Маркировка ва экспертиза ишлаб чиқарувчи ёки дистрибьюторнинг ташаббусига кўра ихтиёрий равишда ўтказилади.

Текшириладиган маҳсулот уч категорияга ажратилади. Биринчи гуруҳ товарларига экологик белги Ўзбекистонда ўтказилган экологик сертификация натижаларига кўра, иккинчи гуруҳ товарларига мурожаат қилувчи тақдим этган экологик хавфсизлик талабларига мувофиқлик декларацияси асосида, учинчи гуруҳ товарларига эса маҳсулотнинг бутун ҳаёт силсиласи босқичларидаги экологик хавфсизлик тавсифлари ҳақидаги ахборот асосида берилади.

Лойиҳага кўра, экологик белги тақдим этилгани ҳақидаги гувоҳнома ишлаб чиқарувчига 60 кун ичида берилади. У категориясига қараб 2-3 йил муддат давомида амал қилади.

Қўмитага кўра, Ўзбекистоннинг ўз экологик хавфсизлик белгиси жорий қилиниши текшириладиган ва ҳаққоний ахборот орқали атроф-муҳит имкон қадар камроқ зарар келтирадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантиради.
Қарор ҳукумат томонидан қабул қилиниши керак.