Ўзбекистонда мева ва сабзавотларни автотранспорт воситалари орқали экспорт қилиш муддати яна узайтирилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси шу йилнинг 20 январдаги қарори билан ўзининг 28 августдаги — мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни автомобиль транспорти орқали экспортини 1 сентябрдан тақиқлашни назарда тутувчи қарорига тузатиш киритди. Бу ҳақида “Норма” интернет нашри хабар тарқатди.

Унга кўра, республиканинг ички бозорида мевалар, сабзавотлар, полиз маҳсулотлари, картошка ва узумдан, шу жумладан, дуккакли маҳсулотлардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, экспортга етказиб беришни ташкил этиш масалаларини ҳал этиш бўйича Ишчи гуруҳ томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган юридик шахслар 2016 йил 1 июлига қадар автотранспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум (ТИФ ТН коди 07-08) экспортини амалга ошириши мумкин.

Шуни айтиш керакки, ҳукумат ушбу қарорга иккинчи марта ўзгартириш киритиб, тақиқ муддатини узайтиришига тўғри келди. На қарорда, на бошқа расмий манбаларда ушбу ўзгартириш сабаби кўрсатиб ўтилмаган.