Ўзбекистонда чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони 4,8 мингдан ортди

Ўзбекистонда 2015 йилда чет эл капитали иштирокидаги 494 та янги корхоналар рўйхатга олинди. Бу ҳақида Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Унга кўра, ушбу корхоналарнинг 330 таси Тошкент шаҳрида, 44 таси Тошкент вилоятида, 23 таси Самарқанд вилоятида, 21 таси Фарғона вилоятида, 20 таси Андижон вилоятида, 11 таси Сурхондарё вилоятида, 8 таси Қорақалпоғистон Республикасида, 8 таси Наманган вилоятида, 7 таси Бухоро вилоятида, 7 таси Жиззах вилоятида ва 7 таси Сирдарё вилоятида ташкил этилди.

Рўйхатга олинган янги корхоналарнинг 107 таси Хитой Халқ Республикаси, 91 таси Россия Федерацияси, 53 таси Корея Республикаси, 41 таси Буюк Британия, 39 таси Туркия Республикаси, 22 таси Ҳиндистон Республикаси ва 20 таси Қозоғистон Республикаси резидентлари капитали иштирокида ташкил этилди.

Чет эл капитали иштирокида янги ташкил этилган корхоналарнинг 239 таси саноат, 115 таси савдо ва умумий овқатланиш, 36 таси қурилиш, 10 таси қишлоқ хўжалиги, 9 таси транспорт ва алоқа, 51 таси бошқа ишлаб чиқариш тармоқлари ва 22 таси соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ташкил этилган.

2016 йил 1 январ ҳолатига республикада фаолият кўрсатаётган чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг умумий сони 4,8 мингдан ортди.