Ўзбекистонда ўтган йили 50 мингга яқин диний материалнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган

2015 йилда божхоначилар ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари томонидан 1200 дан зиёд божхона қоидабузарлиги аниқланган, 50 мингга яқин диний материалнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

ЎзАнинг  Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига асосланиб хабар беришича, ахборот технологиялари жадал ривожланиши билан диний мазмундаги адабиётлар, фото ва видеоматериалларни мобиль телефонлари, ноутбук ва турли хотира қурилмалари орқали олиб киришга уриниш ҳолатлари кўпаймоқда.

Масалан, фуқаро М.Носирова (исм-шарифи ўзгартирилган) номига хориждан юборилган почта жўнатмаси божхона назоратидан ўтказилганда буюмлар орасига яширилган ташқи хотира қурилмасида диний мазмундаги ва зўравонликни тарғиб қилувчи ҳужжатли фильмлар борлиги аниқланган.

Пойтахтнинг “Келес” темир йўл чегара божхона постида Москва—Тошкент поезди йўловчиси Ф.Бекматовнинг юклари божхона назоратидан ўтказилганда, ундаги мобиль телефонда диний экстремистик ва терроризмни тарғиб қилувчи фотосуратлар аниқланган. Уфа—Тошкент поезди йўловчиси Ш.Одиловнинг мобиль телефони хотирасида ҳам диний мазмундаги, шафқатсизликни тарғиб қилувчи видеофайллар борлиги маълум бўлган.

“Тошкент—Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳам диний мазмундаги материалларни ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уринишларнинг олди олинмоқда.

Уфа—Тошкент йўналиши бўйича парвозини якунлаган И.Ҳамидовнинг қўл телефони божхона кўригидан ўтказилганда 10 дона, М.Салимовнинг уяли алоқа воситаси хотирасида 30 дона диний мазмундаги маъруза борлиги аниқланган. Бундай материаллар хорижий давлатлардан қайтган қатор шахслар мобиль қурилмаларида топилган.

Ҳозирги кунда ушбу ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, диний адабиётларни олиб келиш, сотиш ва тарқатиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита рухсати билан амалга оширилади.

Қўмита экспертлари мамлакатимизга олиб кирилаётан диний мазмундаги медиа ва матбаа маҳсулотларини ўрганиб чиқади, уларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш юзасидан хулосаларини беради.