Ўзбекистонда 2016 йилнинг илк чақалоғи Фарғонада туғилди

Ўзбекистонда 2016 йилнинг илк чақалоғи Фарғона вилоятида Шуҳратжон ва Мафтунахон Султанова хонадонида таваллуд топди. “Ўзбекистон овози” газетасининг ёзишича,  ўтган йилнинг сўнгги туни, қиш чилласида бир қучоқ алвон атиргул кўтариб келаётган Шуҳратжонни кўрганлар «Қайси бир бахтли инсоннинг туғилган куни экан, табриклашга кетаётган бўлса керак», деб ўйлашди.

Газетанинг ёзишича, у Фарғонада ҳаммага таниш бўлган туғуруқ уйи — перинатал маркази томон шошилиб борарди. Бир соатча илгари жуфти ҳалоли Мафтунахонни шошилинч равишда бу ерга олиб келганди.

Хабарда айтилишича, қизалоқнинг вазни уч килою олти юз саксон тўрт грамм. Соппа-соғ дунёга келган. У оиладаги иккинчи фарзанд.

Перинатал марказида  туғуруқни рўйхатга олиш дафтарига биринчи ёзув киритилди: «2016 йил, 1 январь, соат 00 дан 01 дақиқа ўтганда Мафтуна Султонова қиз туғди…»