Ўзбекистонлик йигит швециялик қизни зўравонлардан қутқариб қолгани учун матбуот қаҳрамонига айланди

Швеция матбуоти 23 яшар ўзбекистонлик Аъзамжон Шокировни қаҳрамон сифатида эътироф этмоқда. Гап шундаки, йигит қиз болани бир гуруҳ “қочоқлар” зўравонлигидан асраб қолди. Унинг бу хатти-ҳаракати мамлакатдаги барча йирик оммавий ахборот воситалари нигоҳига тушди.

Хабарларда айтилишича, мамлакатда жинсий тажовузлик хусусиятидаги жиноятлар сони ортаётган бўлса-да, ҳукумат бағрикенглик нуқтаи назаридан ушбу муаммога кўп эътибор қаратмаяпти.

Швециянинг Кальмара шаҳрида истиқомат қилувчи Аъзамжоннинг айтишича, ушбу воқеа байрам куни кечқурунги базмдан сўнг юз берган. У алкоголь ичимликлар ичмайди, шунинг учун дўстларини базмдан сўнг машинасида манзилига элтиб қўяди. У ушбу вазифасини бажариб қайтаётганда, бир гуруҳ ўсмир йигитлар маст ҳолдаги қизни ўраб олиб, унга тегажоғлиқ қилаётганига гувоҳ бўлиб қолади. Улар 7-8 киши бўлиб, қиз уларнинг орасидан қанча кетишга ҳаракат қилмасин, унга гап-сўз ота бошлашади.

Аъзамжон ушбу қиз ўз дўстлари билан эмаслигига ишонч ҳосил қилгач, қизни машинасида уйига олиб боришни таклиф қилди. Йигитларнинг қаршилигига қарамасдан Аъзам қизни машинасига ўтирғизишга муваффақ бўлади, бир неча соат мобайнида — қиз мастликдан ўзига келгунча шаҳар айланади. Чунки қиз уй манзилини айтар даражада бўлмайди.

Орадан кўп ўтмай, у қизни онаси қўлига топширади. Натижада ҳам она, ҳам қиз йигитга ушбу эзгу иши учун самимий раҳмат айтишди. “Агар бу йигит келмаганида, мени зўрлашлари мумкин эди”, деб эслайди қиз.

Аъзамжон эса уни қаҳрамон ҳисобламасликларини сўрамоқда. “Унга ёрдам бериш энг тўғри йўл эди. Ҳамма бир-бирига ёрдам беришлари лозим”, деди у.

Аъзамжон Швецияга оиласи билан бундан беш йил аввал келган.