Ўзбекистон компаниялари Европа мамлакатларига мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 91,2 миллион долларлик битим имзолади

“Яшил ҳафта-2016” Озиқ-овқат саноати, боғдорчилик, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги халқаро кўргазмасидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг иштироки доирасида Берлинда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва агросаноат салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди. У мамлакатимизнинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси ва Немис иқтисодиёти Шарқий Европа бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбир чоғида унинг иштирокчилари Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий ривожланиши, саноат корхоналарини модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, республикада, шу жумладан, аграр жабҳада рўй бераётган ўзгаришлар, сармоявий муҳитни янада такомиллаштириш ва мамлакатда инфратузилмаларни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари билан боғлиқ маълумотлар билан яқиндан танишдилар. Озиқ-овқат саноати корхоналари ассоциацияси, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, “Ўздонмаҳсулот” ва “Ўзвинсаноат-холдинг” компаниялари томонидан ишлаб чиқилган аниқ сармоявий лойиҳалар ҳам уларнинг эътиборига ҳавола қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳафталик доирасида Ўзбекистон корхоналари Европа мамлакатларига мева-сабзавот ва текстиль маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 91,2 миллион долларлик битим имзолаган.

Ўзбекистон компаниялари кўргазма доирасида табиий мева, полиз ва сабзавот маҳсулотлари, қуритилган мевалар, ёғ-мой ва вино маҳсулотлари, зираворлар, шарбат, жем, консерваланган маҳсулотлар, шунингдек, текстиль маҳсулотларини тақдим қилган.

SHARE