Ўзбекистон фуқаролари Россиядан қайтиш учун эски намунадаги паспорт билан чипта харид қила олишмаяпти

2016 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудидан чиқиши учун фақат биометрик паспорт асос бўлиб хизмат қилади. Бу ҳақида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси сайтида маълум қилинган.

Таъкидланишича, Россия Федерацияси чегара хизмати Ўзбекистон фуқароларини эски намунадаги паспорт билан аэропорт, денгиз порти, темирйўл ёки автомобиль транспорти орқали чегарадан ўтишига йўл қўймайди. Агар фуқаро бунга ҳаракат қилса, рейсдан олиб қолинади ва жаримага тортилади.

Шу муносабат билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Россия ҳудудидан авиакомпания рейсларига чипталар сотуви фақат биометрик паспортлар асосида амалга оширилиши, эски намунадаги паспорт эгаларига чипта сотиш ман этилгани тўғрисида огоҳлантирган.

Газета.uz сайтининг ёзишича, эски намунадаги паспорт эгалари Ўзбекистон консулхоналари томонидан бериладиган сертификат орқали мамлакатга қайтишлари мумкин.

Бошқа мамлакатлардан қайтишда бундай муаммолар борлиги ҳақида маълумотлар йўқ.