“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Аляскага илк чартер рейсни амалга оширди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Аляскага илк чартер рейсни амалга оширди. Бу ҳақида авиакомпания матбуот хизмати хабар тарқатди.

Компания Boeing-757 авиалайнерида 540 нафар япониялик сайёҳни Аляска марказида жойлашган Фэрбенкс шаҳрига элтиб қўйди.

Парвоз кунчиқар мамлакатнинг учта шаҳри — Осака, Токио ва Нагоядан амалга оширилди. Ушбу дастур “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси тижорат департаменти томонидан Япониянинг InterAvation туристик компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.

Хабарда айтилишича, Тошкент—Осака—Токио—Нагоя—Фэрбенкс—Тошкент авиақатнови жуда мураккаб йўналиш бўлиб, миллий авиаташувчи томонидан муваффақиятли амалга оширилди. Компания вакилларининг айтишича, бу учувчилар ва компания учун амалий тажриба вазифасини ўтади.