Ўзбекистон 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 2 баробар оширмоқчи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳукуматнинг йил якунларига бағишланган мажлисида мамлакат ялпи ички маҳсулотини 2030 йилга қадар камида икки баравар ошириши мумкинлигини айтди.

“Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш жараёнларини чуқур таҳлил қилган, ўзимизнинг ресурс ва имкониятларимизни реал баҳолаган ҳолда, биз олдимизга аниқ мақсадни – яъни, 2030 йилга бориб мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 2 баробар ошириш вазифасини қўйишимиз учун бугун, ҳеч шубҳасиз, барча асосларимиз бор”, деди Ислом Каримов.

Юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш натижасида 2030 йилда, янги турдаги товарлар тайёрлашни ўзлаштириш асосида нефть-газ-кимё соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3,2 баробар, рангли металл маҳсулотлари 2,2 марта, қора металлдан тайёрланадиган буюмлар 2,3 карра, кимё саноати маҳсулотлари, жумладан, минерал ўғитлар 3,2 баробар кўпайиши мумкин.

Замонавий технологиялар асосида пахта толасини ва мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ташқи ва ички бозорда талаб юқори бўлган тайёр, экологик тоза тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилда 5,6 марта, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини эса 5,7 карра ошириш имконини беради.

“Шуни айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатимизда бу борадаги ишлар бошлаб юборилган. Айни вақтда бу ишлар юқори салоҳиятга эга бўлган ҳар бир турдаги истиқболли хомашё ва ярим фабрикат бўйича чуқур қайта ишлашнинг 2020, 2025, 2030 йилларга мўлжалланган аниқ дастурига эга бўлиш учун мутлақо янги дастурий комплекс ёндашувни талаб этади”, керак деди Ислом Каримов.