Ангрен—Поп темир йўли қуриб битказилди

Ангрен-Поп темир йўли тармоғи қурилиши ўз ниҳоясига етди. Йўлнинг қурилиш ишлари икки йилдан ортиқроқ вақт давомида олиб борилди.

Anhor.uz сайтининг ёзишича, 123,1 км узунликдаги Ангрен-Поп темирйўлининг Қамчиқ довонидан ўтган 19,1 километрлик туннели хитойлик мутахассислар томонидан қурилган ва жиҳозланган. Бу йўл Фарғона водийси вилоятларини Ўзбекистоннинг марказий қисми билан ишончли тарзда боғлашга имкон яратади.

Хабарда айтилишича, йўлдаги биринчи поезд Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан  15 апрель куни юриши мўлжалланмоқда.

2013-2016 йилларда мазкур лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджетидан 500 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди. Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси эса 131 миллион доллар йўналтирди.

Шу билан бир қаторда, лойиҳани амалга ошириш, чунончи, темир йўл линиясини электрлаштириш, уни сигнализация ва алоқа тизимлари билан жиҳозлаш, йўналишни ишга тушириш учун машина ва механизмлар харид қилишга имтиёзли асосда хорижий инвестициялар жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа Тожикистон Республикаси орқали Фарғона водийси вилоятларига олиб борадиган монопол йўлакка барҳам беради. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, ушбу лойиҳани тўлиқ амалга ошириш қарийб 2 миллиард долларга айланади.

SHARE